​“Ақлли қонунлар”. Улар қандай қонунлар? 

Тошкент шаҳрида “Сиёсий тизимни демократлаштириш ва модернизация қилиш шароитларида қонун ижодкорлиги ҳамда парламент назорати: Ўзбекистон тажрибаси” мавзуида халқаро анжуман ўз ишини бошлади. 

Унда Олий Мажлис Сенати ва Қонунчилик палатаси аъзолари, давлат ва жамоат ташкилотлари вакиллари ва хорижий экспертлар иштирок этмоқда. 

Халқаро давра суҳбатида қатнашчилар мамлакатимизда қонун ижодкорлиги фаолиятини демократлаштириш борасида қилинаётган ишлар, жумладан, Ҳаракатлар стратегияси доирасида олиб борилаётган сиёсий ислоҳотлар билан таништирилди. 

Таъкидландики, депутатлар ва сенаторлар ижро этувчи ҳокимият органлари ҳал этиши лозим бўлган аниқ масалаларни кўндаланг қўймоқда. Республика миқёсидаги муаммолар парламент назоратининг депутат сўрови, парламент сўрови, парламент эшитуви, ҳукумат соати каби турли шакллари орқали ҳал қилинмоқда. Қонуности ҳужжатларни ўзгартириш, тармоқларга ва минтақаларга тааллуқли аниқ муаммоларни ҳал этиш учун ҳукуматга таклифлар киритиш йўлга қўйилган.  

“Ақлли уй”, “ақлли техника” ҳақида эшитганмиз, аммо тадбир иштирокчилари “ақлли қонунлар” хусусида ҳам тўхталиб ўтишди. Изоҳланишича, жамиятнинг ҳар аъзоси ҳуқуқларини таъминлайдиган, самарали ижро учун қўшимча қонуности ҳужжатларни талаб этмайдиган, аввало, халқ манфаатларига хизмат қиладиган қонунлар ана шундай тарифланади. 

Миллий қонунчилигимизни ҳам худди шу мезонлар асосида ривожлантириш, бунинг учун зарур бўладиган халқаро тажрибани ўрганиш, парламент назоратининг шакллари ва услубларини амалга оширишида сиёсий партияларнинг ролини кучайтириш, энг муҳими, қонун ижодкорлиги жараёнида фуқаролик жамияти институтларининг ўрнини янада кенгайтириш истиқболдаги вазифалар сифатида айтиб ўтилди.

“Бугунги кунда бутун дунё, жумладан, Германияда ҳам Ўзбекистонда Президент Шавкат Мирзиёев бошчилигида олиб борилаётган ислоҳотлар катта қизиқиш билан кузатилмоқда. Бу янгиланишлар барча соҳаларни қамраб оляпти ва ўсувчи динамика билан давом эттириляпти. Айниқса, давлат ҳокимияти бошқарув тизими ислоҳ қилиняпти, ҳаётий қонунлар қабул қилинадиган парламент соҳаси янгиланмоқда. Чунки парламент ҳокимиятлар кесимида энг муҳим институционал таркибий қисм ҳисобланади. Унинг ҳукумат фаолияти устидан самарали назорат фаолиятини йўлга қўйиши бу ислоҳотларнинг амалий ижросини таъминлашда муҳим аҳамиятга эга”, - дейди Конрад Аденауэр номидаги фонднинг Марказий Осиё бўйича минтақавий ваколатли вакили Томас Кунце.

| 3891 17.07.2018



×
Портал харитаси