Ўзбекистон делегацияси Евросиё парламентлари спикерларининг йиғилишида қатнашмоқда​​​​​​​

Шу кунларда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Спикери Нурдинжон Исмоилов бошчилигидаги парламент делегацияси Туркияда бўлиб турибди. Анталия шаҳрида 41 мамлакат делегацияси аъзолари иштирокида ўтаётган “Иқтисодий ҳамкорлик, атроф-муҳит ва Евросиёнинг барқарор ривожланиши” мавзусидаги Евросиё парламентлари спикерларининг III йиғилишида делегациямиз илк бор қатнашмоқда.

Ташрифнинг биринчи куни Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Спикери Нурдинжон Исмоилов Евросиё парламентари спикерларининг III йиғилиши доирасида Россия Федерацияси Федерал Кенгаши Давлат Думаси раиси Вячеслав Володин билан учрашди.

Мулоқот чоғида томонлар Евросиё парламентлари спикерларининг III йиғилиши кун тартиби, шунингдек, Евросиё маконининг иқтисодий ривожланиши истиқболларини муҳокама қилдилар. Суҳбат давомида Спикерлар йиғилишида кўриладиган масалалар барча қатнашчи мамлакатлар учун долзарб экани қайд этиб ўтилди.  

Евросиё парламентлари спикерларининг йиғилишида эса, иштирокчилар минтақада ҳамкорликни кучайтириш учун қонунчилик томонидан қўллаб-қувватлаш бўйича кучларни бирлаштириш, жумладан логистика, божхона тартиблари, бизнесни юритишдаги тўсиқларни олиб ташлаш каби бошқа бир қатор соҳаларда ўзаро манфаатли шерикчиликни ривожлантириш орқали инклюзив ва барқарор ривожланишни таъминлашга келишиб олдилар.

Парламентимиз аъзоларининг навбатдаги учрашуви Қозоғистон Парламенти Мажлиси Спикери Нурлан Нигматуллин билан кечди. Мулоқотлар асосини парламентларимиз ҳамкорлигини янада кенгайтириш, шунингдек, икки мамлакат ўртасидаги сиёсий ва савдо-иқтисодий ҳамкорликни ривожлантириш масалалари ташкил этди.

Шунингдек, Нурдинжон Исмоилов бошчилигидаги делегация аъзолари Туркияга ташрифи давомида ушбу мамлакат тиббиёт тизими билан яқиндан танишиш мақсадида Анталия шаҳар шифохонасида бўлиб, бу ерда тиббиёт муассасалари фаолиятининг ҳуқуқий асослари, қўлланилаётган янги технология ва ёндашувлар билан қизиқди.

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси делегацияси Анқара шаҳридаги Оқденгиз балиқчилик тадқиқотлари институтида ҳам бўлдилар. Институтда ўтган мулоқотлар жараёнида соҳанинг ҳуқуқий асослари, балиқ етиштиришда Туркия тажрибаси ҳақида сўз юритилиб, мазкур йўналишда ўзаро тажриба алмашиш ва ҳамкорликни йўлга қўйишга доир масалалар муҳокама этилди.  

| 3756 11.10.2018



×
Портал харитаси