“Le Figaro”, “Agence France-Presse”, “France24”, “La Croix”... Франция матбуотида бош мавзу — Ўзбекистон!​

Президентимизнинг Франция Республикасига амалга оширган расмий ташрифига жаҳоннинг нуфузли оммавий ахборот воситалари катта эътибор қаратди.

Жумладан, ушбу мамлакатдаги машҳур, 1826 йилдан бери чоп этиладиган йирик нашр — “Le Figaro” газетасида ёзилишича, Шавкат Мирзиёевнинг Францияга илк ташрифи самарали бўлди. “Ташриф арафасида умумий қиймати 5 миллиард еврога яқин инвестиция лойиҳалари бўйича келишувлар имзоланди. Улар орасида “Total”, “Vinci”, “Suez”, “Thales Alenia Space”, шунингдек, Европа тикланиш ва тараққиёт банки, Франция тараққиёт агентлиги каби етакчи компаниялар, молиявий тузилмалар борлиги диққатга молик”, дея қайд этилади “Le Figaro”да.

“Agence France-Presse” ахборот агентлиги муҳим воқеага тайёргарлик жараёни, унинг икки томонлама муносабатлар тарихидаги аҳамияти, Ўзбекистоннинг замонавий тараққиёти, мамлакатимизнинг савдо-иқтисодий салоҳияти, юртимиз иқтисодиётига сармоя киритиш имкониятлари ҳақида ҳикоя қилувчи кўплаб мақола, репортаж, янгиликлар ва интервьюлар тақдим этди. Улардан бирида Шавкат Мирзиёев Президентлик лавозимига киришганидан буён Европа қитъасига биринчи расмий ташрифини амалга оширгани алоҳида таъкидланади. Мамлакат ташқи сиёсатидаги бундай очиқлик Марказий Осиё учун ҳам олдинга ташланаётган қадам сифатида баҳоланмоқда, дейди журналист.

“32 миллиондан зиёд аҳолига эга республика Президент Шавкат Мирзиёев бошчилигида Ғарб билан алоқаларини яхшилашга, шунингдек, хорижий инвестицияларни фаол жалб қилишга интилмоқда”, дейилади агентлик хабарида.

Француз, инглиз, испан ва араб тилларида эфирга узатиладиган “France24” телеканали давлатимиз раҳбарининг “кўҳна қитъа”га илк расмий ташрифи билан боғлиқ лавҳаларни ҳавола қилди. “Ўзбекистон францияликларга визасиз кириш имкониятини тақдим этди” — янгиликлардан бирида шунга алоҳида урғу берилди. Унда юртимизнинг бой маданий мероси, бугунги кундаги ислоҳотлар ҳақида сўз юритилиб, францияликлар мазкур жиҳатларга қизиқиши айтилади.

“Франция фуқаролари Европа иттифоқи таркибидаги мамлакатлар орасида биринчи бўлиб Ўзбекистонга визасиз бориш имконини қўлга киритди. Эндиликда улар 30 кун давомида бу ерда эмин-эркин юришлари мумкин. Туризмни ривожлантириш Ўзбекистонда давлат томонидан устувор вазифа сифатида белгиланган ва бу тараққиётга хизмат қиладиган соҳадир”, дейилади ахборотда.

Юз мингдан зиёд нусхада чоп этиладиган “La Croix” газетасида эса Ўзбекистондаги янгиланишларга “тоза ҳаво кириб келди”, дея таъриф берилди.

“Шавкат Мирзиёев Президент сифатида фаолиятини бошлаганидан сўнг кейинги икки йилда жиддий ислоҳотларни амалга оширди.

У ўз маъмуриятини қайта ташкил этди, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар фаолиятини тартибга келтирди, мажбурий меҳнатга барҳам берди, энг муҳими, ташқи сиёсатда очиқликни таъминлаб, қўшни давлатлар билан муносабатларни яхшилади. Натижада бу мамлакатдаги кўплаб соҳалар қатори туризмни ривожлантиришга ҳам туртки бермоқда. Бу каби ислоҳотлар Ғарбда қўллаб-қувватлангани учун ҳам Парижга ташриф муҳим аҳамиятга эга бўлди”, дейилади газетада.

“L’Energeek” журналида “Ўзбекистон қайта тикланувчи энергия манбаларига эътибор қаратмоқда” сарлавҳали материал эълон қилинди. “Мамлакатда йилнинг 320 кунида қуёш чарақлаб туради. Жаҳон банки ҳисоб-китобларига кўра, Ўзбекистоннинг қайта тикланадиган энергия манбаларидаги салоҳияти 98,5 фоизни ташкил этади. Бу жуда юқори кўрсаткичдир”, дейди мутахассислар.

Иқтисодий йўналишдаги йирик нашрлардан бири — “abcbourse” портали икки давлат раҳбарларининг учрашувига атрофлича тўхталиб, Франция Президенти Эммануэль Макроннинг сўзларидан иқтибос келтиради: “Биз Ўзбекистон билан ҳар томонлама ҳамкорликдан манфаатдормиз. Сув ресурсларини бошқаришда “Veolia” ва “Suez”, туризм соҳасида “Bouygues”, қуёш энергияси йўналишида “Total” каби компаниялар билан имзоланган келишувлар шундан дарак беради”.

Француз тилидаги яна бир йирик нашр — “L’Opinion” газетасида Президент Шавкат Мирзиёевнинг Францияга расмий ташрифи муносабати билан Европада истиқболли таҳлил ва хавфсизлик институти президенти Эммануэль Дюпюи билан суҳбат уюштирилди. Унда Ўзбекистоннинг афғон муаммосини ҳал этиш бўйича ташаббуслари алоҳида эътироф қилинган.

АҚШнинг “The State” газетасидаги “Ўзбекистон етакчиси илк бор Европа иттифоқи мамлакатига ташриф буюрди” сарлавҳали мақола ҳам таҳлилга бой. Унда айтилишича, Шавкат Мирзиёевнинг ташаббуслари Марказий Осиё минтақасида янги ижобий муҳитга асос бўлмоқда.

Испаниянинг номдор “Lavanguardia” газетасида ҳам Ўзбекистон етакчисининг Францияга ташрифига алоҳида эътибор қаратилди. Жумладан, унда шундай дейилади: “Шавкат Мирзиёев Эммануэль Макрон билан музокараларга қадар бир қанча самарали учрашувлар ўтказди. Париж шаҳридаги ЮНЕСКО бош қароргоҳида ушбу ташкилот Бош директори Одри Азуле билан мулоқот қилди. Унинг якунида Ўзбекистон билан ЮНЕСКО ўртасида2018 — 2021 йилларга мўлжалланган қўшма Ҳаракатлар режаси қабул қилинди. Мазкур ҳужжат муносабатларни янги босқичга кўтаришга қаратилган. Давлат раҳбари, шунингдек, Франция Сенати Раиси Жерар Ларше билан учрашди. Франция Республикаси Конституцияси қабул қилинганининг 60 йиллиги муносабати билан Шавкат Мирзиёев парламент раҳбарига ўзбек ва француз тилларида чоп этилган Франция Конституциясининг илк нусхасини совға қилди”.

Ўзбекистон Президентининг Францияга расмий ташрифи, шунингдек, “La diplomatie”, “The Telegraph”“Washington Post” ва бошқа номдор нашрларда ҳам кенг ёритилди.


Анвар МИРЗАЕВ, («Халқ сўзи») тайёрлади.​

| 3629 11.10.2018



×
Портал харитаси