Олий Мажлис Қонунчилик палатаси делегацияси Остона шаҳрида халқаро парламент анжуманида иштирок этди

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Спикери Нурдинжон Исмоилов бошчилигидаги мамлакатимиз парламенти делегациясининг Қозоғистон Республикасига расмий ташрифи давом этмоқда.

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси делегацияси Остона шаҳрида халқаро парламент анжуманида иштирок этди

2018 йилнинг 26 ноябрь куни делегациямиз аъзолари Қозоғистон Республикаси биринчи Президенти кунига бағишлаб Остона шаҳрида ўтказилган “Остона – глобал интеграция, тинчлик ва хавфсизлик маркази” мавзусидаги халқаро парламент анжуманида иштирок этдилар.

Анжуманда Озарбайжон, Италия, Қирғизистон, Литва, Россия, Туркия, парламентлари аъзолари, шунингдек, Германия, Ҳиндистон, Испания, Хитой, Швеция каби мамлакатлардан ташриф буюрган экспертлар ва халқаро ташкилотларнинг вакиллари қатнашди.  

Тадбирда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Спикери сўзга чиқиб, Ўзбекистон ташқи сиёсатининг асосий устувор йўналиши бу – Марказий Осиё эканини таъкидлаб ўтди. Шунингдек, Ўзбекистон минтақага оид масалаларда катта интеграцияга жиддий киришгани, ўтган йиллар мобайнида минтақа мамлакатлари ўртасида кўплаб масалалар тўпланиб қолганини таъкидлади. Давлатларимиз раҳбарларининг юксак сиёсий иродаси туфайли айни пайтда минтақада умуман янги сиёсий муҳит яратилгани, ўзаро ишонч ва яхши қўшничиликка асосланган муносабатлар мустаҳкамланиб бораётганини қайд этди.

Форум кун тартибидан ўрин олган масалалар шуъба сессиялари доирасида муҳокама этилди.

| 3494 27.11.2018



×
Портал харитаси