Ўзбекистонда мева-сабзавот кластерлари қандай ривожланяпти?

2019 йил 5 февраль куни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасидаги ЎзЛиДеП фракцияси, Аграр ва сув хўжалиги масалалари қўмитаси ҳамда ЎзЛиДеП Сиёсий Кенгаши Ижроия қўмитаси билан ҳамкорликда пахта-тўқимачилик, ғалла ва мева-сабзавот кластерлари вакиллари аграр соҳа мутахассислари ва экспертлари иштирокида амалий семинар ўтказилди.

Ўзбекистонда кластер соҳаси қандай ривожланяпти?

Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Олий Мажлисга Мурожаатномасида белгиланган вазифалардан келиб чиқиб, пахта-тўқимачилик кластерини ташкил этишнинг самарадорлиги, ғалла ва мева-сабзавот кластерлари фаолиятини ҳар томонлама ривожлантириш, давлат-хусусий шериклик асосида уруғчилик кластерларини ташкил қилиш ҳамда улар фаолиятининг ҳуқуқий асосларини такомиллаштириш маслалалари атрофлича муҳокама қилинди.

Мурожаатномада таъкидланганидек, кластер соҳаси биз учун нисбатан янги эканини инобатга олиб, уни давлат томонидан қўллаб-қувватлаш, жумладан, кредит тизимини соддалаштириш, харажатларни субсидиялаш, ер ажратиш билан боғлиқ тартиб-таомилларни қайта кўриб чиқиш талаб этилади.

Бугунги кунга келиб республикамизда 16 та пахта-тўқимачилик кластерлари ташкил қилиниб, 20 та туманда 164 минг гектар майдонда кластер усулида пахта етиштириш йўлга қўйилди. 2019 йилда кластер усулида пахта етиштиришни камида 52 фоизга етказиш учун 48 та пахта-тўқимачилик кластерини ташкил этиш режалаштирилган.

Келгусида пахта етиштирувчи 133 та тумандан 70 таси тўлиқ кластер тизимига ўтади. Янги ташкил этилаётган кластерлар таркибида 41 та корхона очилиб, 23 мингга яқин иш ўрни яратилади. 2019 йилда ишлаб чиқарилаётган толанинг 78 фоизи Ўзбекистонда қайта ишланади ва 2020 йилга бориб эса, пахта толасини республикада тўлиқ қайта ишлашга ўтилади. Тайёр маҳсулотларни ишлаб чиқариш улуши 40 фоиздан камида 60 фоизгаетказилади.

Тадбирда мамлакатимизда қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқаришида таркибий ислоҳотларни янада чуқурлаштириш ва бунда давлатнинг ролини қисқартириш, тўғридан-тўғри инвестициялар жалб этилишини рағбатлантириш, пахта ва бошқа турдаги қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштиришнинг самарали усулларини жорий этиш, уларни чуқур қайта ишлашни ташкил қилиш бўйича амалга оширилаётган чоралар ўз самарасини бераётгани алоҳида таъкидлаб ўтилди.

Семинарда, шунингдек, долзарб масалаларидан бири саналган кластерлар тизимини ривожлантиришнинг қонунчилик асосларини такомиллаштириш масалалари ҳам муҳокама этилди. Кластер соҳасидаги муносабатларни ташкилий ва ҳуқуқий асосларини тартибга солишга йўналтирилган “Кластер тўғрисида”ги қонун лойиҳасини дастлабки тарзда кўриб чиқиш учун Олий Мажлис Қонунчилик палатасига киритиш юзасидан фикр алмашилди.

Семинар иштирокчилари томонидан пахта–тўқимачилик, ғаллачилик ва мева-сабзавот соҳасида фаолият юритаётган – Сирдарё вилояти Мирзаобод туманидаги “BEK Cluster” МЧЖ, Навоий вилояти Навбаҳор туманидаги “Бахт текстиль” кластери ҳамда Бухоро вилояти Ромитон туманидаги “Buhoro cotton claster” кластери раҳбарларининг мазкур кластерлар иш фаолияти тажрибаси юзасидан тақдимотлари эшитилиб, атрофлича муҳокама қилинди.

Амалий семинар якунида муҳокама этилган масала юзасидан Аграр ва сув хўжалиги масалалари қўмитасининг тегишли тавсиялар қабул қилинди.

| 4068 05.02.2019



×
Портал харитаси