Адлия органлари ва муассасалари фаолиятини депутатлар қандай баҳолади?

2019 йил 20 июнь куни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Коррупцияга қарши курашиш ва суд-ҳуқуқ масалалари қўмитасининг мажлиси бўлиб ўтди.

        Адлия органлари ва муассасалари фаолиятини депутатлар қандай баҳолади?

Унда Адлия вазири Русланбек Давлетовнинг “Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги томонидан 2019 йил учун мўлжалланган фаолият самарадорлигини ва мақсадли вазифаларга эришилишини баҳолаш асосий мезонларининг биринчи чоракда бажарилиши тўғрисида”ги ҳисоботи эшитилди.

Таъкидлаб ўтилганидек, мақсадли вазифаларнинг бажарилишини таъминлаш мақсадида 2019 йилнинг 1 апрелидан эътиборан вазирлик томонидан турли соҳаларга оид ҳар хил масалалар бўйича фуқароларга тест режимида бепул маслаҳат берадиган “advice.uz” ягона ахборот портали ишга туширилди. Нотариал ҳаракатларни амалга ошириш тартиби тўғрисидаги (2019 йил 4 январда 3113 рақами билан рўйхатдан ўтказилган) йўриқнома асосида 2019 йил 1 апрелдан эътиборан нотариал ҳаракатлар китобларини юритиш бекор қилинди. Фуқаролар учун улар ҳуқуқий ёрдам олиши чоғида қулайликлар яратиш мақсадида бошқа тадбирлар ҳам амалга оширилди.

Шу билан бирга парламент аъзолари фақат битта тадбирни 2019 йилнинг биринчи чорагида тўлиқ ҳажмда бажариш тугалланмаганини қайд этиб ўтди. Жумладан, баҳолашнинг асосий мезонларининг 3-бандига мувофиқ тизим ҳосил қилувчи қонун ҳужжатларининг камида 5 та лойиҳасини ишлаб чиқиш учун халқаро ва донор ташкилотларни жалб этиш назарда тутилган. Бироқ, ҳисобот даврида вазирлик томонидан фақат 2 та қонун ҳужжатини ишлаб чиқиш (Фуқаролик кодексини ва «Банкротлик тўғрисида»ги Қонунни такомиллаштириш) бўйича таклиф берилди.

Депутатлар томонидан бажарилиши мўлжалланган мақсадли вазифаларнинг асосий тадбирларини охирига етказиш юзасидан идоравий норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни мумкин қадар қисқартириш, бўш турган нотариус лавозимларини ва давлат хизматлари марказларини малакали кадрлар билан тўлдириш, ортиқча маъмурий тартиб-таомилларни бартараф этиш, шунингдек давлат хизматлари марказларида идоралараро ҳамкорликни ривожлантириш ҳисобига аҳоли учун энг кўп даражада қулайликлар яратиш бўйича тавсиялар берилди.

Шу билан бирга, мажлисда депутатлар Адлия вазирлигининг ягона давлат ҳуқуқий сиёсатини олиб бориш, ҳуқуқ ижодкорлиги фаолиятини мувофиқлаштириш ва унинг самарадорлигини ошириш борасидаги фаолиятида мавжуд бўлган бир қатор камчиликларга эътибор қаратди.

Депутатлар томонидан алоҳида таъкидландики, белгиланган талабларга биноан қонунлар ва бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари ушбу ҳужжатларни қабул қиладиган органларга киритилгунига қадар жамоатчилик муҳокамаси учун интерактив давлат хизматлари порталига жойлаштирилиши, шунингдек экспертлар ва мутахассисларни жалб этган ҳолда кўриб чиқилиши керак. Вазирлар Маҳкамаси томонидан яқинда қабул қилинган, барча ҳаракатланувчи автомототранспорт воситаларида куннинг ёруғ пайтида фараларнинг олди чироғини ёки кундузи ёқиладиган чироқларни ёқиш тўғрисидаги нормаларни белгилашга, шунингдек Тошкент шаҳридаги 81 та таълим мактабининг 1-синфларига болаларни қабул қилиш учун ҳақ тўлашнинг ўн баравар миқдорини белгилашга тааллуқли 2 та қарор жамоатчилик муҳокамаси йўқлигининг жиддий мисолидир. Фуқароларнинг норозилиги ва Қонунчилик палатаси депутатларининг аралашуви натижасида ҳукуматнинг ушбу қарорлари амал қилишини Вазирлар Маҳкамасининг ўзи қайта кўриб чиқди.

Эшитув давомида парламент аъзолари билдирилган таклифлар асосида Адлия вазирлигининг давлат ҳуқуқий сиёсатини амалга ошириш борасидаги фаолиятини янада такомиллаштиришга доир навбатдаги вазифаларни белгиланди.

| 3296 20.06.2019



×
Портал харитаси